Орқага
04.01.2024

Telegram месенжерининг @sizdantelegram каналида эълон қилинган аноним мурожаат бўйича расмий муносабат



Жорий йилнинг 27 декабрь куни Озодлик радиосининг телеграм месенжеридаги @sizdantelegram каналида “БУХОРО вил. – “300 минг сўмлик совға баҳоси 540 минг сўм деб кўрсатилибди” сарлавҳаси остидаги аноним мурожаат эълон қилинди.

Мурожаатда “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишчи-ходимлари номидан мурожаат йўлламоқдамиз. Завод маъмурияти янги йилга 14 мингта совға буюртма қилган экан. Совға учун раҳмат, лекин совғалар қиммат нархда харид қилингани бизни ўйлантириб қўйди. Биржа маълумотларига қараганда, совғанинг донаси 540 минг сўмдан тушибди. Дўкондор танишларимиздан сўрасак, совға қутисидаги ширинликлар тахминан 300 минг сўмлик эканини айтишди. Тўғри, бу пулни бизнинг маошдан ушлаб қолишмайди, аммо ишхонамиз ҳисобидан кетади-да. Совғани қиммат қилиб кўрсатиш ишқилиб ўйин эмасми?

Яна бир масала. Декабрь ойидан ҳамма корхона-ташкилотларда маош оширилди, бизга эса бу тааллуқли эмасга ўхшаяпти. Завод раҳбариятини инсофга чақириб қоламиз. Маошимиз оширилишида ҳурматли Президентимиздан кўмак сўраймиз” матни кўрсатилган.

Мурожаат юзасидан Бухоро НҚИЗ раҳбарияти қуйидагиларни маълум қилади:

1-масала юзасидан: “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ ишчи-ходимларининг янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказишлари мақсадида, заводнинг масъул комиссия иштирокида, шунингдек, касаба уюшма қўмитаси кўмагида барча ишчи-ходимлар ва уларнинг фарзандларига байрам совғалари тарқатилади. Бунинг учун ходимлар ва раҳбариятдан тузилган масъул комиссия томонидан бир неча намунадаги совғалар тўплами ўрганиб чиқилади ва овоз бериш натижасида энг мақбул намуна танланади.

Янги йил совғаларини харид қилиниши механизми шаффоф, очиқ ва адолатли бўлишини таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунга асосан etender.uzex.uz савдо платформасида эълон жойлаштирилган. Биржа платформасининг асосий функциясиларидан бири инсон омилини чеклаб, давлат харидлари электрон тизимининг махсус платформасида давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатли усулидан фойдаланиб электрон аукцион ўтказилиб, ғолиб аниқланган. Биржа платформасида буюртмачи сифатида талабнома жойлаштирган Бухоро НҚИЗ хеч бир усулда ғолибни танлашда иштирок эта олмайди, яъни электрон платформанинг ўзи республикада шаклланган ягона база тарифлари асосида ғолибни аниқлаб беради.

2-масала юзасидан: Бухоро НҚИЗнинг йиллик соф даромади нафақат корхона ходимларининг ойлик маошларини ҳисоблаш, балки инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва заводни ривожлантиришга ҳам сарфланади. Ўз навбатида, 2020 йилда корхонада завод ходимларига иш ҳақи тўлаш бўйича ягона тариф режаси қабул қилинди. Унга кўра, ишчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф ставкалари миқдори озиқ-овқат ва бошқа компенсация тўловларини ўз ичига олади. Ушбу тўловлар ҳисобга олинса, бугунги тариф ставкалари 2019 йилга нисбатан ўртача 2-2,5 баравар юқори.

Шунингдек, Бухоро НҚИЗда 2022 йилда иш ҳақи тизимига ўзгартиришлар киритилиб, бунда асосий эътибор 1-6-даражали ишчиларнинг ойлик иш ҳақини 25 фоизгача оширишга қаратилди.



“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати