Орқага
07.12.2023

Бухоро НҚИЗда навбатдаги ташқи аудит муваффақиятли якунланди

2023 йил 29 ноябрдан 4 декабргача бўлган даврда “Бухоро НҚИЗ” МЧЖда АS 9100D (Сифатни бошқариш тизими. Авиация, космик ва мудофаа соҳаси ташкилотларига қўйиладиган талаблар) халқаро стандарти бўйича биринчи кузатув аудити ташкил этилди ва ўтказилди.

Ушбу аудитнинг асосий мақсади “Jet А-1 авиация ёқилғиси ва Jet ярим синтетик авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш ва сотиш” доирасида завод бошқарув тизимининг АS 9100D халқаро стандарти талабларига мувофиқлигини баҳолашдан иборат эди.

Аудит энг йирик сертификатлаштириш органи – DNV (Det Norske Veritas) томонидан “Management Certification” МЧЖ компаниясининг италиялик мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўтказилди.

Текширув давомида аудиторлар Jet А-1 русумли газ турбинали двигателлар ва Jet А-1 ярим синтетик авиация ёқилғиси учун авиаёнилғи ишлаб чиқариш билан боғлиқ технологик жараёнларни ўрганиб, ички ҳужжатларни таҳлил қилишди, иш жойларида ходимлар билан суҳбат ўтказишди.

DNV сертификатлаштириш органи мутахассиси бошқарув тизимида ўтган йилга нисбатан бир қатор ижобий ўзгаришларни қайд этди, шунингдек, келгусида ривожланиш бўйича қимматли тавсиялар берди.

Аудит натижаларига кўра, халқаро аудитор менежмент тизимининг ривожланишига ижобий баҳо берди ва аудиторлик хулосаси асосида сертификатнинг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилди.

Маълумот учун: 2022 йил декабр ойида Бухоро НҚИЗ ANAB аккредитациясига эга халқаро сертификат ва эсдалик “Сифат белгиси” билан тақдирланган эди.
2023 йил январ ойида завод Халқаро аэрокосмик сифат гуруҳи(IAQG)нинг тўлиқ аъзоси бўлди ва авиация ёнилғиси етказиб берувчиси сифатида халқаро OASIS маълумотлар базасига киритилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати