Орқага
30.05.2023

Бухоро НҚИЗда меҳнат жамоаси конференцияси бўлиб ўтди

Мазкур тадбирда 2022 йилга мўлжалланган жамоа шартномасининг ижроси ҳамда 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг янги таҳририни қабул қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирда корхонанинг барча таркибий бўлинмаларидан 55 нафар делегат қатнашди. Конференцияда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Бухоро вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Х.С.Бешимов, Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи С.М.Эргашев иштирок этди.

Жамоа шартномасининг 2022 йилга мўлжалланган фаолиятини амалга ошириш юзасидан Бухоро НҚИЗ директор ўринбосари Ж.Х.Зияев, Бухоро НҚИЗ касаба уюшма қўмитаси раиси Б.И.Каримовнинг маърузалари тингланди.

Муҳокама чоғида асосий эътибор жамоа шартномасида белгиланган вазифалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги режаларга қаратилди.

Конференцияда 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг янги таҳрирининг қабул қилиниши ҳам кўриб чиқилди.

Тадбирда бош муҳандис Б.Ж.Мустафоев, автонақлиёт цехи касаба уюшма қўмитаси вакили Ф.Ж.Собиров, корхона тиббиёт-санитария қисми бош ҳакими Т.И.Гадоев ва Ижтимоий ривожланиш бўйича мутахассис С.С.Рахмонова сўзга чиқишди.

Якуний қарорга кўра, конференция иштирокчилари Бухоро НҚИЗ маъмурияти ва корхона касаба уюшмаси қўмитасининг 2022 йилга мўлжалланган Жамоа шартномаси ижроси бўйича олиб бораётган ишларини қониқарли деб топишди ва бир овоздан янги таҳрирдаги ““Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси” қабул қилинди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати