Орқага
27.06.2024

Бухоро НҚИЗ раҳбариятининг ёш мутахассислар билан учрашуви: истиқбол ва имкониятлар

Тез ривожланаётган нефт ва газ саноатида барқарор ўсиш ва инновацион ривожланишнинг асосий омили тажрибали мутахассислар ва ёш мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлигидир.

Бугун Ёшлар куни доирасида Бухоро НҚИЗда завод раҳбарияти ва ёш мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ёш кадрларнинг касбий маҳоратини оширишни кўзлаган муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилиш директор Акбар Фазиловнинг табрик сўзи билан бошланди ва корхонанинг асосий масалаларини ҳал этишда ёш мутахассисларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Корхона раҳбари келажак ёш кадрларга боғлиқлигига урғу бериб, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди, унда ёш мутахассислар ўз фикр ва ечимларини таклиф қилишди.

Йиғилиш якунлари бўйича таклиф этилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Завод раҳбарияти ёш кадрлар томонидан илгари сурилган ғояларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришини билдирди, уларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди.

Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ва ёш мутахассислар ўртасидаги учрашув корхона олдидаги бугунги ва истиқболдаги вазифаларни самарали ҳал этишга қодир юқори профессионал жамоани шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Бундай тадбирлар нафақат ёш мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади, балки корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш, корхонани янада очиқ ва инновацион қилишга кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизими илғор анъаналар ва инновацион ёндашувларга таянган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирмоқда, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлашидан руҳланган ёш мутахассислар корхона ва бутун тармоқ ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёр.

Учрашув сўнгида Бухоро НҚИЗ директори томонидан завод ёшларига оид сиёсатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун энг фаол ёш мутахассисларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.

“Бухоро НҚИЗ”МЧЖ матбуот хизмати