Орқага
08.02.2021

Бухоро НҚИЗ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти билан ҳамкорликда резервуар учун сузувчи понтонларнинг инновацион ишланмасини ишлаб чиқаришга жорий этди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4805-сон қарори 6-иловаси ва 2018 йил 8 майда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти (УНКИ) ишланмаларини "Ўзбекнефтгаз" AЖ ташкилотларида татбиқ қилиш бўйича чора-тадбирлари” ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро НҚИЗ ЎзР ФА УНКИ қошидаги “Kimyoviy Texnologiya” МЧЖ билан ҳамкорликда 7236 дона сузувчи понтон ишлаб чиқариш ва корхонага етказиб бериш амалга оширилди.

Сузиб юрувчи понтонларнинг биринчи навбати Бухоро НҚИЗга келгач, ёнғинни ўчириш бўйича синовларни ўтказишга қаратилган катта ишлар бошланди ва ижобий натижалар қўлга киритилди.

2021 йилнинг 18 январидан 19 январигача Бухоро НҚИЗ ва “Кимёвий Технология” МЧЖ мутахассислари томонидан 7236 дона сузувчи понтонлар 55-ВПСга муваффақиятли юкланди.

Маълумот учун: ЎзР ФА УНКИ томонидан резервуарлар учун модернизация қилинган сузувчи понтон ишлаб чиқилган ва №SAP 01058 рақамли ишлаб чиқариш намунасига "Резервуарлар учун понтонли қурилма" мавзусида патент олинган.

Янги дизайндаги полиэтилентерефталат(ПЭТ) понтони қабул қилиш, тарқатиш, сақлаш ва сиғимларда тўсатдан пайдо бўлган ёнғинни ўчириш пайтида нефть маҳсулотлари ва газ конденсатининг буғланиши натижасида енгил углеводородларнинг йўқолишини бартараф этишга мўлжалланган. Бундай понтон ёнғин, портлашга қарши махсус кўпик ҳосил қилувчи эритма ва инерт газ билан тўлдирилади.

Сузувчи понтонлардан фойдаланиш натижасида қуйидагиларга эришилади: буғланиш натижасида йўқотишлар камаяди, мос равишда иқтисодий харажатлар камаяди; атмосфера ифлосланиши камаяди, бунинг натижасида экологик хавфсизликка эришилади; сиғим ёнида ташқи ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳудуд ҳосил бўлишининг олди олинади – сиғимнинг ёнғин хавфсизлигига эришилади.

Бухоро НҚИЗ мамлакатимиз илм соҳасига ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлган ҳолда, илғор маҳаллий ишланмаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этади.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати