Back
10.06.2019

Ўзбекистонда атом энергияси соҳасида Россиянинг федерал норма ва қоидалари жорий этилади

Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида Россия Федерациясининг норматив-ҳуқуқий актлари ва бошқа норматив ҳужжатларини қабул қилиш ва жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Россия Федерациясининг норматив ҳуқуқий актлари қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:

- атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жойлаштириш, ўрганиш, лойиҳалаш, экспертиза қилиш, конструкциялаш, ишлаб чиқариш, қурилиш, эксплуатацияга киритиш, эксплуатация қилиш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, жорий таъмирлаш, эсплуатациядан чиқариш учун хорижий ва маҳаллий ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан ишларни бажариш ва хизмат кўрсатиш;

- атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш;

- атом энергиясидан фойдаланиш объектларида хавфсизлик экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш;

- ядровий материалларни ташиш, муомала қилиш, сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш;

- атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигини давлат бошқаруви.

Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, атом энергиясидан фойдаланиш бўйича қабул қилинадиган Россия Федерациясининг федерал норма ва қоидалари Ўзбекистон адлия вазирлигида рўйхатга олинадиган Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига тенглаштирилади.