Орқага
13.11.2019

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти ҳамда Инсон ҳуқуқи маданият маркази ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди

 

 

Кеча Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли “Нефтчилар” маданият саройи кичик йиғилишлар залида Инсон ҳуқуқи маданият маркази директори Ихтиёр Умаров билан завод ишчи ҳодимлари, ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти фаоллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида И.Умаров томонидан марказнинг фаолияти хусусида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя, шахснинг ҳуқуқий маданияти ҳамда мажбурий мехнатни олдини олиш бўйича Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар юзасидан йиғилганларга атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда болалар мехнатига чек қўйилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 28 августдаги (ЎРҚ-558 сонли) қонуни билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилганлиги, унга кўра мехнатга маъмурий тарзда мажбурлаш илгариги 1 ва 3 баробаридан, энг кам иш ҳақининг 10 ва 30 баробаригача жаримага тортилиши белгилаб қўйилганлиги тўғрисида йиғилганларга маълумотлар берилди.

Марказнинг Бухоро вилоят бўлинмаси томонидан Олий Мажлиснинг гранти асосида "Мажбурий меҳнатни олдини олиш" лойиҳаси ютиб олингани ва шу асосда тарғибот материаллари тайёрлангани маълум қилинди.

Давра сухбати сўнгида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти етакчиларига, фаол ҳодимларга мажбурий мехнатни олдини олиш бўйича футболка, тарғибот воситалари, плакатлар ва брошюралар тақдим этилди.

Давра суҳбати ишчанлик ва самимий муҳитда ўтди.

Бухоро НҚИЗ Ахборот хизмати