Орқага
15.10.2018

Ўзбекистонда 1 ноябрдан энг кам ойлик иш ҳақи миқдори оширилади

2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳақдаги тегишли фармони эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, 1 ноябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи — ойига 202 730 сўм;

ёшга доир пенсиялар — ойига 396 500 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 396 500 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243 300 сўм миқдорида белгиланди.

Иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори сўнгги марта шу йилнинг 15 июлидан ўрта ҳисобда 1,07 баравар оширилган эди.