Назад
14.05.2019

“Хотира – абадий, қадр – муқаддас”

“9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Қоровулбозор туман ҳокимлиги, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси ҳамда тумандаги бошқа ташкилот ва муассасалар томонидан “Мангу олов монументи” га гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. 
Маросим давомида таълим муассасаларидан ташриф буюрган фаол, жамоатчи ўқувчилар томонидан Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган шеърлар ўқиб эшиттирилди ҳамда фронт орти ва афғон уруши қатнашчилари томонидан бошларидан кечирган совуқ уруш йиллари хотиралари, мустақилликка эришган илк йилларимиздаги қийинчиликлар, бугунги фаровон ҳаётимизда ёшларга яратилаётган улкан имкониятлар тўғрисидаги сўзлари тингланди.
Шундан сўнг ташкилотчилар томонидан тайёрланган “Хотира – абадий, қадр – муқаддас” номли маданий байрам тадбири Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли Сунъий кўл мажмуасида давом этди. 
Байрамга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонларга, фронт орти ва афғон уруши қатнашчиларига, меҳнат фахрийларига гул ҳамда шараф лентаси тақдим қилинди. 
Ушбу маданий тадбир давомида яна тумандаги ҳарбий қисм аскарлари, ички ишлар ва давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан йиғилган кўнгилли ёшлардан иборат жамоалар ҳамкорлигида ҳарбий парад, уруш йиллари акс этган лавҳалар ҳамда йиғилганларга ўша даврда фойдаланилган ҳарбий қурол ва аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий тайёргарлик ўқув машғулотларидан лавҳалар намойиш этилди, тумандаги мусиқа мактаби тўгараги қатнашчилари томонидан эса ҳарбий куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбирнинг бадиий қисмини Нефтчилар маданият саройи ходимлари ўзларининг тайёрлаб келган чиқишлари билан давом еттиришди. Шунингдек, тадбир сўнггида фронт орти ва афғон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фахрийлари ташкилотчилар томонидан тузалган байрам дастурхонига таклиф қилинди.