Орқага
12.09.2023

Миср Араб Республикасининг Коммунал хўжалиги ва нефть-газ саноати ташкилотлари умумий уюшмаси делегацияси ҳамда Баҳрайннинг Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарлари амалий ташриф билан Бухоро НҚИЗга ташриф буюрди

Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология соҳаси ходимлари Республика кенгаши кўмагида Бухоро вилоятига расмий ташрифи доирасида Миср Араб Республикаси Коммунал хўжалиги ва нефть-газ саноати ташкилотлари умумий уюшмаси делегацияси, Баҳрайн Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарлари тажриба алмашиш, корхона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро НҚИЗга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Миср Араб Республикаси нефть-газ ва коммунал хўжалик ходимлари умумий касаба уюшмаси президенти Ҳешам Аҳмад Фуад Аҳмад, халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Аҳмад Фахми Аҳмад Маҳмуд, Баҳрайн эркин касаба уюшмалари федерацияси президенти Ёқуб Юсуф Ҳусайннинг Бухоро НҚИЗ раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Делегацияга Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология соҳаси ходимлари Республика кенгаши раисининг ўринбосари Собир Эгамбердиев ҳамроҳлик қилди.

Делегациянинг ташрифидан асосий мақсад корхона ходимлари учун яратилган меҳнат ва турмуш шароити билан танишиш, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича тажриба алмашишдан иборат.

Корхона билан танишиш асосий ишлаб чиқариш цехидан бошланди, у ерда меҳмонларга бир жойдан бир вақтнинг ўзида бир нечта технологик жараёнларни амалга ошириш имконини берувчи марказий бошқарув пульти намойиш этилди.

Ўз навбатида, меҳмонлар заводнинг барча ходимларига мўлжалланган сут маҳсулотлари тарқатиш пункти, жисмоний соғломлаштириш мажмуасида бўлиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган муолажа хоналари, шунингдек, фитобарни кўздан кечиришди.

Меҳмонларнинг барча саволларига бош технолог Аброр Худойбердиев, саноат хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича бош мутахассис Ойбек Хайитов жавоб берди.

Ташриф чоғида меҳмонларга Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги соҳасида меҳнат қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш эканлиги ҳақида сўзлаб берилди.

Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси раиси Баҳодир Каримов касаба уюшма қўмитаси иш берувчи билан ижтимоий шериклик ва яқин ҳамкорликни ривожлантириш борасида фаол иш олиб борилаётганлигини таъкидлади. Қайд этиш жоизки, нефть-газ саноатида яратилган касаба уюшмалари тизими
ижтимоий-меҳнат муносабатларини ўзгарувчан иқтисодий ва ижтимоий шароитларга мос равишда тартибга солиш, ишчилар ва иш берувчи манфаатлари мутаносиблигини доимий сақлаш имконини беради.

Ташриф давомида фахрий меҳмонлар Бухоро НҚИЗ ходимлари билан учрашиб, корхона ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Ишчи ташриф дўстона ва меҳмондўстлик муҳитида ўтди. Учрашув сўнгида меҳмонлар самарали ва мазмунли қабул учун корхона раҳбариятига миннатдорчилик билдирдиришди ва ушбу корхонада ташкил этилган яқин ижтимоий шериклик амалиёти Миср ва Баҳрайн корхоналарида кенг қўлланилишини маълум қилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати