Орқага
08.07.2024

Юқори сифатли бензин автомобилнинг узоқ хизмат қилишига сармоядир

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сифатли бензин маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва АИ-80 автобензинидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Автомобилсозлик ва ёнилғи саноатидаги замонавий тенденциялар транспорт воситаларининг самарадорлиги ва экологик тозалигини  оширишга қаратилган. Юқори сифатли бензин бу ўзгаришнинг бир элементи бўлиб, ёнилғининг эскирган маркаларига нисбатан сезиларли афзалликларни тақдим этади.

Ўз навбатида, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида МТБЭ ва ММА каби юқори октанли компонентлар жалб қилган ҳолда юқори сифатли бензин маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Бу ишлаб чиқарилаётган АИ-80 ўрнига АИ-92 ёнилғисини ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш имконини беради.

Маълумот учун: Тажриба-саноат партиясини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ бошқа нефтни қайта ишлаш заводларида ушбу турдаги қўндирмалардан фойдаланиш тажрибасини ўрганди ва “ММА” ва “МТБЭ” маркали қўшимчалар харид қилинди.

Қўндирмаларни тўкиб олиш, сақлаш ва автомобиль бензинига аралаштириш схемаси ишлаб чиқилди. ММА ва МТБЭ қўндирмаларидан фойдаланган ҳолда бензиннинг саноат-тажриба партиясини ишлаб чиқариш дастури тайёрланди. Натижада бугунги кунда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори октанли компонентлардан фойдаланган ҳолда АИ-92 русумли бензиннинг биринчи саноат партияси ишлаб чиқарилди.

Юқори октанли бензин АИ-80 бензинига нисбатан жуда кўп афзалликларга эга. У двигателнинг самарадорлиги ва узоқ муддат хизмат қилишини таъминлайди, зарарли чиқиндиларни камайтиради ва замонавий автомобилсозлик технологияларига мос келади.

Шундай қилиб, юқори сифатли бензин нафақат транспорт воситаларининг эксплуатацион кўрсаткичларини яхшилайди, балки экологик муаммоларни ҳам ҳал қилишга ёрдам беради, бу эса замонавий транспорт воситалари учун афзалроқ танловдир.

Юқори октанли бензинни танлаш автомобилнинг узоқ фойдаланиш харажатларини камайтиришга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кўрсаткичларини яхшилашга сармоя ҳисобланади.

Айтиш жоизки, юқори сифатли бензин маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ишлари давом этмоқда.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ матбуот хизмати