Орқага
20.08.2021

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖда “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ мутахассислари иштирокида кооперация алоқалари кенгайтириш бўйича учрашув ўтказилди

 

Сўнги кунларда “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ да “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ мутахассислари иштирокида кооперация алоқаларини кенгайтириш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди

Учрашув давомида турли тармоқ корхоналари ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар турлари, қўлланиладиган хом-ашё, катализатор, адсорбент ва кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжлар таҳлили ва уларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Бухоро НҚИЗнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб “МAXAM-CHIRCHIQ” АЖ билан ҳамкорликда унга тегишли катализатор ишлаб чиқариш цехи базасида катализатор ва адсорбент ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумот учун: “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ кимиёвий реагентларга бўлган ўз эхтиёжининг 90%ини ўзи ишлаб чиқаради. Бугунги кунда корхонада 40дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда: карбамид, аммиакли селитра, аммоний сульфат, КАС, суюқ техник аммиак, сувли техник аммиак, концентрланган нитрат кислотаси, концентрланмаган нитрат кислотаси, катализаторлар, суюқ ва газсимон икки оксидли углерод.

Бухоро НҚИЗ мутахассислари “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган махсулотлар билан таништирилди.

“MAXAM-CHIRCHIQ” мутахассислари томонидан катализаторлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Ўз навбатида “Бухоро НҚИЗда” қўлланиладиган кимёвий реагент турлари, уларнинг физик ва кимиёвий хоссалари, катализатор ва адсорбентлардан намуналар тақдим этилишига келишиб олинди. Шунингдек, Бухоро НҚИЗнинг кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжи ва “MAXAM-CHIRCHIQ”АЖ корхонаси томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Бухоро НҚИЗ” мутахассислари томонидан қуйидаги таклифлар берилди:
- “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатилган чиқинди адсорбент ва катализаторлар таркибидаги алюминий оксидини кайта ишлаш йўлларини кўриб чиқиш ҳамда қайта ишланган алюминий оксидини хом-ашё базаси сифатида қўллаш;
- ЎзКФИТИ билан ҳамкорликда УзАД-1 водородни сақловчи газни хлордан тозаловчи адсорбенти ва УзАД-3 газларни қуритувчи адсорбенти бўйича илмий-тадқиқот ишлари натижаларини саноат миқёсида жорий этиш.

Бухоро НҚИЗ ва “MAXAM-CHIRCHIQ” АЖ ўртасидаги учрашув натижасида корхоналарда кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсадида ишлатиладиган маҳсулотлар, ярим маҳсулотлар ва импорт қилинадиган кимёвий реагентлар рўйхатини алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, турли тармоқ корхоналари ўртасидаги бу каби учрашувлар импортни қисқартириш ва махаллий кимёвий реагентлар ишлаб чиқариш каби долзарб масалаларни ечишда катта рол ўйнайди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати