Назад
14.09.2019

"Нефтчи" - энг намунали оромгоҳ

Ёзги таътил якунланиб 2019-2020 ўқув йили ҳам бошланди. Вилоятимизда 2019 йилги 5 мавсумни ўз ичига олган ёзги оромгоҳларда дам олиш ва соғломлаштириш даврида болаларнинг кўнгилли ва намунали дам олишлари учун мутасадди ташкилотлар томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, жонкуяр фаолларни муносиб тақдирлаш мақсадида Бухоро вилояти касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси, вилоят соғломлаштириш комиссияси ҳамда вилоят маданият бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда жорий йилнинг 13 сентябр куни Бухоро шаҳридаги вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси биносида 2019 йил Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунлари бўйича оромгоҳ ташкилотчиларининг анжумани ўтказилди. Анжуманда ёзги мавсумда болаларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказишда ўз ҳиссасини қўшган вилоятимиздаги оромгоҳларда фаолият юритган ходимлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчиларни карнай-сурнай садолари ва ёшлар симфоник оркестри жамоасининг чиқишлари билан кутиб олишдан бошланди.

  Улар учун болалар ўз қўллари билан тайёрлаган оромгоҳлар фаолиятини акс эттирувчи қўл меҳнати ва тасвирий санъат намуналаридан кўргазмалар намойиш этилди. Вилоят маданият бўлими томонидан ташкиллаштирилган ёш, иқтидорли хонандалар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақс ансамблларининг чиқишлари анжуманга ташриф буюрган меҳмонларга кўтаринки кайфият баҳш этди.

Тадбир давомида 2019 йил ёзги мавсумида ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига қўшган  ҳиссаси ва фаолияти юқори савияда ташкил этилганлиги учун ғолиб деб топилган энг яхши болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, ташкилотчилар, ходимларга бир қатор номинациялар бўйича диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 Бухоро НҚИЗ  директори Фазилов Акбар Алишерович “Энг ғамхўр ҳомий” номинацияси ғолиби, Бухоро НҚИЗ га қарашли “Нефтчи” оромгоҳи “Энг намунали оромгоҳ – 2019” деб топилди.

Ушбу оромгоҳниниг бош ошпази “Энг моҳир ошпаз” номинацияси бўйича тақдирланди.

Шундай қилиб заводимизга қарашли “Нефтчи” оромгоҳи энг кўп номинация бўйича тақдирланган оромгоҳ бўлди.

Номинациялар ғолибларини заводимиз ишчи жамоаси номидан табриклаймиз ва келгусидаги фаолиятларида улкан ютуқлар тилаймиз!

Бухоро НҚИЗ Ахборот хизмати.