Орқага
23.09.2022

Нефть маҳсулотларини сақлаш цехида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Бухоро НҚИЗга қарашли Нефть маҳсулотларини сақлаш цехи(Пахта филиали)да Мобилизация ишлари ва фуқаро муҳофазаси хизмати фуқаро ҳимояси етакчи муҳандиси Қ.Бобоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар содир бўлганда объект раҳбарияти, қутқарув тазилмалари ҳамда ФВДҚТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.

Ўқув машқида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ОҲ ва СИ бўлими бош мутахассиси Э.Асанов, Чиноз тумани ФВБ бўлим бошлиғи Р.Абдуллаев, Чиноз тумани МГ қўриқлаш хизмати бўлим бошлиғи подполковник Э.Ўринбоев ва бошқа меҳмонлар қатнашишди.

Ушбу ўқув машқини ўтказишдан асосий мақсад: Бухоро НҚИЗга қарашли Нефть маҳсулотларини сақлаш цехи(Пахта филиали) раҳбарлар таркиби, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ходимларининг содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни бажаришдаги кўникмаларини синовдан ўтказиш, янги босқичларга чиқариш ва такомиллаштириш.

Ўқув нуқталарида ўт ўчириш диспетчерлик хизматининг фавқулодда вазиятда тезкор хабар бериш, ер силкиниши оқибатида сиғимнинг герметиклиги бузилиб, заҳарли газларнинг атмосферага тарқалиши, шунингдек, электр токи қисқа туташуви натижасида вужудга келган ёнғинни ўчириш, ёқилғи ташиш машинасининг тўкиш қувури ёрилиши оқибатида бензин маҳсулотининг отилиб чиқиши, парларнинг ҳавога тарқашини бартараф этишда цех раҳбарияти, фуқаролик тузилмалари ва қўриқлаш хизматининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалда кўриб чиқилди.

Машқ сўнгида 25-цех бошлиғи Фуқаро муҳофазаси штаб бошлиғи А.И.Ахмедов келгусида махсус-тактик машқларни янада ривожлантириш, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ҳамкорлигидаги ҳаракатларни кучайтириш, куч ва воситаларнинг такомиллаштирилишини айтиб ўтди.

Махсус-тактик ўқув машқи кузатувчилар томонидан таҳлил қилиниб, цех раҳбарияти таркиби, фуқаро муҳофазаси тузилмалари фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёр деб топилди.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати