Орқага
21.10.2020

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига Кореянинг SКЕ&C компанияси мутахассислари ташриф буюрди

“Бухоро НҚИЗни модернизация ва реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида SКЕ&C муҳандис-технологлари корхонанинг ишлаб чиқариш майдонларини ўрганишни бошлашди.

Бухоро НҚИЗ ҳудудида SКЕ&C вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. “Бухоро НҚИЗни модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси”ни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган ишчи йиғилиш ўтказилди.

"Ўзбекнефтгаз" AЖ ва Бухоро НҚИЗ мутахассислари томонидан SКЕ&C билан шартномавий мажбуриятлар бўйича тўловларни амалга ошириш масалалари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, UOP ва Aхеns компаниялари ўртасида газлойлни гидротозалаш қурилмаси бўйича техник маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги махфийлик битими(NDA)ни тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

SКЕ&C томонидан лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш учун биргаликда ишлаш бўйича Бухоро НҚИЗ мутахассисларининг Сеул(Жанубий Корея)да жойлашган SКЕ&Cнинг бош офисига ташриф буюриши масаласи илгари сурилди. Корхонани модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган йўналишлар(ЎНА ва А, механика, қурилиш, лойиҳалаштириш ва технология) аниқланди.

Маълумот учун: Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида SКЕ&C компанияси 2020 йил октябрь-ноябрь ойларида лойиҳа майдонларида тадқиқот ўтказишни режалаштирмоқда. Бугунги кунга қадар Бухоро НҚИЗнинг ишчи гуруҳи бириктирилган SКЕ&C мутахассисларининг биринчи гуруҳи етиб келди. Яқин вақтларда SКЕ&Cдан яна мутахассисларнинг келиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, "Бухоро НҚИЗни модернизация ва реконструкция қилиш" лойиҳаси мавжуд қайта ишлаш чуқурлиги қувватларини 79% дан 95% гача, оч тусли нефть маҳсулотларининг чиқишини 77% дан 91% гача ошириш ва Евро 5 стандарти талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати