Назад
19.09.2022

Диққат! Бухоро вилоятида саноат ярмаркаси ўтказилиши эълон қилинади!

Бухоро вилоятида ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, тармоқлараро ва ҳудудий корхоналар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш, буюртмалар портфелини шакллантириш мақсадида 22-23 сентябрь кунлари Бухоро вилояти ДТМ биносида Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Саноат ярмаркасида 2022-2023 йилларда маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар, илгари импорт қилинган маҳсулотларни ўзлаштиришда техник ҳамкорлик қилиш меморандумлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан бутловчи қисмлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузилиши кўзда тутилган.

Мазкур ярмаркада қурилиш материаллари, тўқимачилик, нефть ва газ саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм саноати, қоракўлчилик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, бошқа соҳаларга ихтисослашган йирик корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишади.