Назад
01.07.2022

Бухоро НҚИЗда оқава сувларни ўсимлик ёрдамида тозалаш усули самара бермоқда

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тизим таркибига кирувчи корхоналарнинг унга етказиладиган зарарни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай ишлардан бир қатори Бухоро НҚИЗнинг Сув таъминоти ва оқава цехида ҳам амалга оширилмоқда.

Сув таъминоти ва оқава цехи 8 бўлимдан иборат бўлиб, улардан бири Саноат оқава сувларини тозалаш иншоотидир.

Саноат оқава сувларини тозалаш иншоотлари участкаси заводнинг ишлаб чиқариш, маиший фаолиятидан ҳосил бўладиган саноат ва маиший-хўжалик оқава сувларини тозалашга мўлжалланган бўлиб, суткасига 2500 м3 саноат оқава сувларини, 400 м3 маиший-хўжалик оқава сувларини тозалайди.

Оқава сувларни тозалаш жараёни 3 босқичда амалга оширилади.

1.Механик тозалаш жараёни.

2.Физик-кимёвий тозалаш жараёни.

3.Биологик тозалаш жараёни.

Гидрокимёвий ва микробиологик тадқиқотлар натижалари турли оқава сувларни 12-15 суткада тўлиқ биологик тозалаш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Оқава сувларни биологик тозалашнинг экологик хавфсиз ва арзон ҳамда самарали усулларини яратиш сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Оқава сувларни тозалашнинг турли методлари мавжуд. Ҳозирда уларни биологик метод, яъни, юксак сув ва сув-ботқоқ ўсимликлари ёрдамида тозалаш тавсия қилинади.

Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида қишлоқ хўжалиги корхоналари (қорамолларни бўрдоқига боқиш комплекслари, паррандачилик) ва саноат корхоналари (канопни қайта ишлаш, минерал  ўғитлар ишлаб чиқариш, биокимё, ёғ-мой корхоналари, пиллачилик корхоналари, тўқимачилик саноати) ва коммунал-хўжалик оқава сувларини органо-минерал моддалар, оғир металлар, цианидлар, нефть маҳсулотларидан ҳамда патоген микроорганизмлардан юксак сув ўсимликлари — Пистия, Эйхорния ва Азолла ёрдамида биологик тозалашнинг янги самарали биотехнологияси яратилди.

Сув таъминоти ва оқава цехининг Саноат оқава сувларини тозалаш иншоотида 2022 йил 12 февраль куни ўтказилган 4-босқич текширувида оқава сувларини углеводород ва бошқа ифлослантирувчи моддалардан тозалашда илмий ёндашув ҳамда замонавий услубларни кўллаш ва биологик тозалаш жараёнида микроорганизмлар ва сув ўтлари орқали тозалаш таклифи берилган эди.

Сув таъминоти ва оқава цехи раҳбарияти ташаббуси билан Муборак газни қайта ишлаш заводи билан ҳамкорликда Эйхорния ўсимлиги намуна сифатида олиб келинди ва Саноат оқава сувларини тозалаш иншоотининг биологик тозалаш жараёнининг турли босқичларида синовдан ўтказилди. Ҳозирда биологик тозалаш жараёнининг сиғим блоки қурилмасида ўз самарасини берди ва ушбу блокда саноат оқава сувларини Эйхорния ўсимлиги ёрдамида қўшимча тозалаш жараёни жорий қилинди.

Маълумот учун: Эйхорния ўсимлиги ёрдамида оқава сувларни 12-15 суткада тўлиқ биологик тозалаши мумкин. Бу вақт ичида сапрофит микроорганизмлар сони минг мартагача камаяди, ичак таёқчалари гуруҳи бактериялари эса уч-тўрт кундан кейин умуман учрамайди. Сув таркибидаги микрофлоранинг миқдори кескин камайиб, ўсимлик ва ҳайвонлар учун патоген ҳисобланган микроскопик замбуруғлар йўқолади. Сувнинг физик ва кимёвий кўрсаткичлари яхшиланади, яъни сувнинг оксидланиш даражаси камаяди, сувдаги азот ва фосфор ионлари ўсимликлар томонидан деярли тўлиқ ўзлаштирилади, сувда эриган кислород миқдори кўпаяди, сув тиниқлашади ва қўланса ҳиди йўқолади.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати