Назад
27.08.2019

Бухоро НҚИЗ да Мустақиллик байрами кенг нишонланди

Бугун Бухоро НҚИЗ га қарашли “Нефтчилар” маданият саройи ҳовлисида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда  Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга тушганлигининг 22 йиллиги байрам тадбири бўлиб ўтди.

Бу йилги мустақиллик тадбирлари республикамизда “Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!” шиори остида нишонланмоқда. Она  юртимизнинг барча гўшалари сингари бизнинг заводимизда ҳам ушбу байрамга кенг тайёргарлик кўрилди.

Байрамона безатилган маданият саройи ҳовлисида карнай садолари остида бошланган тадбир дастурини Инновация, инвестициялар, ривожланиш истиқболлари ва ишлаб чиқариш бўйича Директорнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Жумабоевич Мустафоев табрик сўзи билан очиб берди.

Директор ўринбосари заводда ўтказилган футбол ўйинларида энг кўп, яни 12 марта ғалаба қозонган Таъмир-механика цехига Директорнинг катта кубогини, Электр таъминоти цехига эса мини футбол бўйича Кичик кубокни тантанали равишда топширди.

Шундан сўнг завод ишчи-ходимлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиладиган спортнинг миллий ва оммавий турлари бўйича бўлиб ўтган мусобақа ғолибларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан ҳамда 30 ёшдан ошган аёл ишчи-ходимлар гимнастрадаси мусобақалари ғолибарини завод Касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда Хотин қизлар қўмитаси томонидан кубок ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Гимнастрада ғолиблари

Бухоро НҚИЗ га қарашли Спорт соғломлаштириш мажмуасида фаолият кўрсатаётган спорт тўгаракларининг жажжи қатнашчилари иштирокидаги кўргазмали чиқишлар меҳмонларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Маданият саройи тўгарак ўқувчилари, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти томонидан ўтказилган “Санъатим сизга баҳшида” кўрик танлови иштирокчилари ва Қоровулбозор туман Маданият бўлими  санъаткорлари томонидан тайёрланган куй ва рақслар йиғилганлар кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.

Бухоро НҚИЗ Ахборот хизмати.