Орқага
18.05.2022

Бухоро НҚИЗ технологик ускуналарни профилактик таъмирлаш ишларини якунлаб, ишлаб чиқариш қувватларидан режали фойдаланишга чиқди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан Бухоро НҚИЗнинг ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш ҳамда технологик қурилмаларда амалга ошириладиган режали-огохлантирувчи таъмирлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган. 
Технологик ускуналарни таъмирлаш ишлари учун 2022 йил 13-16 май кунлари Бухоро НҚИЗнинг ишлаб чиқариш фаолияти қисман тўхтатилди.
Бир неча кун давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан олдиндан тасдиқланган Бухоро НҚИЗнинг режали-огоҳлантирувчи таъмир (РОТ) жадвалига асосан корхонада режали ишлар амалга оширилди.

Жадвалга кўра газ конденсати ва нефть аралашмасини атмосфера босими остида ҳайдаш ва каталитик реформинг қурилмаларида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари режалаштирилган эди. Aниқроғи, технологик печ қувурлари ва иссиқлик алмаштиргичларнинг ички қисмини тозалаш ишлари амалга оширилди.

Маълумот учун: Aсосий ишлаб чиқариш цехида профилактика ишларини олиб бориш даврида газ конденсати ва нефть аралашмасини атмосфера босими остида ҳайдаш қурилмасининг 10Е02/03/04/07/08/09/10/11/12/13/14/15 позицияларидаги иссиқлик алмаштиргичлар гидромеханик тозаланиб, гидросинов ишлари олиб борилди ҳамда 10F01 технологик печининг радиант қисмида аниқланган носоз ҳолатдаги қувурлари алмаштирилди, 10D07 ва 10D08 сиғимларининг фильтрлари алмаштирилди.

Бундан ташқари, каталитик реформинг қурилмасидаги 21Е02 ва 21Е20 иссиқлик алмаштиргичлари тозаланди, буғ тўпловчи 21D10 текширилди ва цехдаги зулфинлар(ЗРА)да ревизия ишлари олиб борилди.

2022 йил 16 май куни заводда таъмирлаш ишлари якунлангач, технологик қурилмаларнинг режимига босқичма-босқич ўтиш бошланди.

Ускуналарни жорий таъмирга тайёрлаш қатъий белгиланган иш тартиб-қоидаларига мувофиқ ва барча амалдаги меъёрлар, саноат ва экологик хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилди. 
Ишга тушириш технологик регламентга асосан амалга оширилди.
Олиб борилган профилактика ишлари натижаларига кўра технологик қурилмаларнинг ишончлилик даражаси ошди, шунингдек, ускуналарнинг иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланди.
Заводни жорий таъмирлаш мобайнида нефть маҳсулотлари захиралари яратилиб, республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун барча чоралар кўрилди.

"Бухоро НҚИЗ" МЧЖ Матбуот хизмати