Орқага
01.07.2024

Бухоро НҚИЗ: АИ-80 автомобиль бензинини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатиб, юқори октанли бензин маҳсулотларига ўтиш

photo_2020-08-06_10-05-08
Мамлакатимизда экологик вазиятни ва ёнилғи сифатини яхшилаш бўйича стратегик режани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва АИ-80 русумли автобензиндан воз кечиш тўғрисида топшириқ берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сифатли бензин маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш мақсадида юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва эскирган ёнилғи русумларидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

Бу жараён нафақат техник ва иқтисодий жиҳатларга таъсир қилади, балки ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Мазкур топшириқни амалга оширишга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚИЗ)ни модернизация қилиш бўлди.

Хусусан, Бухоро НҚИЗда АИ-80 русумли бензин ишлаб чиқаришнинг жорий ҳолати батафсил таҳлил қилиниб, фойдаланилаётган технологиялар, ускуналар ва ишлаб чиқариш ҳажмлари баҳоланди. Бунда биринчи босқичда октан сонини оширувчи қўндирмалардан фойдаланган юқори октанли бензинлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилди.

Октан сонини оширувчи қўндирмаларнинг энг мақбул турларини ўрганиш ва танлаш учун улардан олинган намуналар ёрдамида лаборатория тадқиқотлари ўтказилди ва паст октанли бензинга 2 турдаги қўндирмалар МТБЭ + ММА қўшган ҳолда АИ-92 бензини автомобил бензини ишлаб чиқариш бўйича ижобий натижага эришилди.

Тажриба-саноат партиясини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун қўшимчалардан фойдаланишни ўрганиш учун мутахассисларнинг хизмат сафари ташкил этилди, ММА ва МТБЭ маркали қўндирмалар сотиб олинди, қўндирмаларни тўкиб олиш, сақлаш ва автобензинга алмаштириш схемаси ишлаб чиқилди, ММА ва МТБЭ қўндирмаларидан фойдаланган ҳолда автомобиль бензинининг тажриба саноат партиясини ишлаб чиқариш дастури ишлаб чиқилди.

Натижада бугунги кунда Бухоро НҚИЗда ушбу қўндирмалардан фойдаланган ҳолда АИ-92 маркали юқори октанли бензиннинг биринчи саноат партияси ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқарилган АИ-92 бензинининг биринчи партияси барча зарурий сифат синовларидан ўтказилиб O`z DSt 3031:2015 стандартига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда паспортланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида Бухоро НҚИЗ юқори сифатли бензин маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича улкан мақсадларни қўйиб, фаол ривожланишда давом этмоқда.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати