ZAVOD TARIXI

Бугунги кунда биз илк бор ҳақиқатан ҳам гўзал ва ноёб ўлкамиз бойликларини бошқа мамлакатлар воситачилигисиз намоён эта оламиз… Бизнинг жаҳон ҳамжамиятига бирлашиш сари интилишимиз, ташқи дунё учун очиқ эканлигимиз мазкур бойликлардан фойдаланиш учун ажойиб имконият яратмоқда.

Ислом Каримов

Юртбошимиз ташаббуси билан Қоровулбозор туманида нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилганига 19 йил тўлмоқда. Франциянинг “TEKNIP” компанияси лойиҳаси асосида қурилган ушбу заводнинг технологик жараёнини шакллантиришда Франциянинг нефт институти, Американинг “Мерикем” ва Голландиянинг “Компримо” компаниялари лицензияларидан фойдаланилди. Завод бир йилда 2,5 миллион тонна нефт ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга. Унинг автобензин, авиакеросин, дизел ёқилғиси, углеводород эритгичи, мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт каби маҳсулотлари харидоргир. Бу ерда маҳсулот сифатини яхшилаш, уни халқаро стандартларга мослаш дастурлари бўйича юқори октанли “АИ-91”, “АИ-95” русумли автобензинлар ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди. 2008 йил ноябр ойидан бошлаб экологик жиҳатдан тоза ва совуқ ҳароратга чидамли дизел ёқилғилари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани яна бир янгилик бўлди. Бундан ташқари, “Боинг” ва “Аеробус” русумли ҳаво лайнерларига мўлжалланган “Джет-А-1” русумли авиация ёқилғиси ишлаб чиқарила бошланди. Хорижлик экспертлар синовидан аъло даражада ўтган бу маҳсулот “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига мунтазам равишда этказиб берилмоқда. Шунингдек, заводимизда “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури”га кўра, республикамизда фаолият юритаётган лок-бўёқ ишлаб чиқарувчи корхоналар учун зарурий хомашё-углеводород эритгичи ишлаб чиқарилмоқда. Заводимиз тўртта халқаро стандарт сертификатига эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона корхона ҳисобланади. Бу эрда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, халқаро андозаларга мослаштириш ишлари мунтазам олиб борилади. Масалан, Буюк Британиянинг “UNIX TECHNO PLUS LTD” компанияси билан шартнома тузилиб, дунёнинг етакчи “UOP” ва “HONEYWELL” компаниялари билан ҳамкорликда қурилмаларни аудит қилиш, дастлабки иқтисодий-техник асосларни яратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бундан мақсад маҳсулот сифатини “Евро-4,5” даражасига олиб чиқиш, қолаверса, иккинчи босқичда маҳсулот қайта ишланиш даражасини 95 фоизга етказишдир. Завод маъмуриятининг туман ҳудудий ривожланишига қўшаётган ҳиссасини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, “Бўзачи” ҚФЙ ҳудудида наслли қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси барпо этилиб, Украинадан 1018 бош наслли қорамол олиб келинди. Бу ерда ҳозир 135 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда. Завод ишлаб чиқариш цехларида айни кунда 3300 нафар ишчи ходим фаолият олиб бораётган бўлса, 2006-2013 йиллар давомида 654 та касаначилик асосида иш ўринлари яратилгани диққатга молик.

10 гектар майдонда лойиҳа-смета қиймати 21 миллиард сўмга тенг замонавий иссиқхона барпо этишга киришилган эди. Иссиқхонанинг 5 гектари тўлиқ ишга туширилди, қолган қисмида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Заводимиз томонидан кейинги ўн йил мобайнида Нефтчилар шаҳарчасида аҳоли яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада шаҳарча ижтимоий инфратузилмаси тубдан ўзгарди. Бу эрда “Ёшлар маркази” ишлаб турибди. Микроиқлимни юмшатиш ва ишчи-ходимларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун умумий майдони 12 гектардан иборат сунъий кўл барпо қилинди. Бундан ташқари, шаҳарчада ҳаммом, спорт-соғломлаштириш мажмуи, 720 ўринли замонавий маданият саройи, байрам тадбирлари ўтказишга мўлжалланган концерт зали, барча қулайликка эга деҳқон бозори, интернет тармоғига уланган компютер хоналари ёшлар билан гавжум. Завод ишчи-ходимларининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида 2003 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар 308 та коттеж қурилди. Олис ҳудудлардан келиб ишлаётганлар учун 240 ўринли “Ёшлар меҳмонхонаси” фойдаланишга топширилгани ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар маҳсулидир. Умуман, бунёдкорлик ишлари кўлами кенг. Нефтчилар шаҳарчасида ижтимоий объектлар ва уй-жойлар қурилиши давом эттирилмоқда. Бу ерда замонавий типдаги ўйингоҳ барпо этиш ҳам кўзда тутилган.